Самарқанд вилояти
Мактабгача таълим бошқармаси
w w w . s a m u d o . u z

Мактабгача таълимда давлат - хусусий сектор ҳамкорлиги ўрни миллий ва халқаро экспертлар томонидан муҳокама этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИCЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимни кенгайтириш учун имконият яратишда инновацион ёндашув» мавзусида конференция ўтказмоқда.

Давлат ва хусусий секторнинг 300 нафардан зиёд вакиллари давлат ҳамда хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик орқали Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш йўлларини муҳокама қилди. Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплексининг раҳбари Қаҳрамон Акмалов, мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн, шунингдек турли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари конференцияда иштирок этди.

Конференциянинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболларини белгилаш, боланинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, таълим-тарбия жараёнида инновацион тажрибаларни жорий этишга кўмаклашишдир.

Конференция иштирокчилари давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик орқали Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш усулларини, шунингдек мактабгача таълим муассасаларининг таълим фаолиятини бошқаришнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилдилар. Улар Ўзбекистонда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини амалга оширишнинг ташкилий масалаларини ва механизмларини кўриб чиқдилар ва мактабгача таълим муассасаларида таълим ва ривожланиш муҳитини яхшилаш бўйича тавсиялар бердилар. Халқаро экспертлар ушбу соҳадаги илғор халқаро тажрибани тақдим этдилар.

«Илғор халқаро амалиётлар шуни кўрсатадики, кичик ёшли болаларга сармоя киритиш узоқ муддатли энг яхши сармоядир, бироқ 3-7 ёшдаги 2,6 миллион болани мактабгача таълим билан таъминлаш, улардан 70% мактабгача таълим муассасаларига бормаслигини эътиборга олган ҳолда, осон вазифа эмас», - деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.

Мактабгача таълим вазирлиги болаларнинг эрта таълимини устувор масала қилиб қўйгани ва Ўзбекистонда универсал мактабгача таълимни таъминлаш мақсадида давлат-хусусий сектор ҳамкорлигининг инновацион моделларини кўриб чиқаётгани эътиборга лойиқдир.

Далиллар шуни кўрсатадики, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги мактабгача таълим соҳасида эришилган ютуқларга ҳисса қўшиши мумкин. Натижада мактабгача таълим қамрови кенгайиши ва унинг самарадорлиги ошиши, айниқса, эътибордан четда қоладиган ҳудудлардаги болалар ҳам қамраб олиниши мумкин.

Конференция Ҳукумат ва манфаатдор томонлар ўртасида мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигининг ўрни ва салоҳиятига оид умумий тушунча пайдо бўлишига ёрдам берди. Иштирокчилар ушбу соҳадаги асосий муаммоларни ҳам эътироф этдилар ва мактабгача таълимда давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий ва меъёрий муҳит яратиш зарурлигини таъкидладилар.

«Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимига сифатли тайёрлаш, улар учун имкониятлар яратишда инновацион ёндашувлардан фойдаланиш масалалари эртанги кунни белгилайдиган масалалардир ва биз уларни албатта амалга оширамиз!» - деди мактабгача таълим вазири Агрепина Шин. 

Вазирлик Ахборот хизмати


Киритилган вақти: 26/03/2018 10:35;   Кўрилганлиги: 1518
 
Материал манзили: http://samudo.uz/press/news/maktabgacha-talimda-davlat-xususiy-sektor-hamkorligi-orni-milliy-va-xalqaro-ekspertlar-tomonidan-muhokama-etilmoqda
Чоп этилган вақт: 25/10/2021 16:37
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг