Самарқанд вилояти
Мактабгача таълим бошқармаси
w w w . s a m u d o . u z

Нодавлат боғчалар қуриш учун ер участкалари текинга берилади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги «Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3651 сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилигининг қуйидаги шакллари жорий этилди:

  • нодавлат боғчалар биноларини қуриш учун, шу жумладан, фаолият кўрсатувчи давлат боғчалар ҳудудида текинга доимий фойдаланиш учун ер участкаларини тақдим қилиш;
  • мавжуд давлат мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш ва реконструкция қилиш шарти билан нодавлат мактабгача таълим муассасалари объектлари қуриш учун текинга ер участкаларини бериш;
  • бўш турган давлат мулк объектларини, шу жумладан, фаолият кўрсатмаётган давлат боғчаларни «ноль» қийматда сотиш;
  • давлат боғчаларининг фойдаланилмаётган бинолари ва корпусларини текинга узоқ муддатли фойдаланишга бериш.
  • шафелик кўринишидаги филантропик фаолият.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги давлат ривожлантириш дастурларини молиялаштириш жамғармасининг алоҳида очиладиган ҳисоб рақамида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикчилигини рағбатлантириш учун маблағларни тўплаш, давлат-хусусий шерикчилик шартларида ташкил қилинган мактабгача таълим муассасалари учун давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш ҳақидаги таклифлар қабул қилинган.

Махсус ҳисоб-рақам ҳисобидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига йилига 1 фоиз ставка билан, 15 йилга, жумладан, 3 йил имтиёзли давр билан берилади.

Давлат-хусусий шерикчилиги шаклига қараб хусусий шерикка қуйидаги инвестициявий мажбуриятлар юклатилади:

  • ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалардан бўлган муайян миқдордаги тарбияланувчиларга имтиёзли ота-она пулини белгилаш (мазкур ҳудуддаги давлат мактабгача таълим муассасалари учун белгиланган миқдордан ошмаган ҳолда);
  • хусусий ҳамкорга бириктирилган боғчаларни қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш.

Олинган имтиёзли кредит асосида ёки давлат-хусусий шерикчилик шартларида тадбиркорлик субъектларига берилган объектларда фаолият кўрсата бошлаган нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини у ташкил топгандан бошлаб 30 йил ичида ўзгартириш тақиқланади.

Давлат-хусусий шерикчилиги  билан ташкил қилинган нодавлат боғчалар қуйидагилардан озод этилди:

  • икки йил муддатга белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган жиҳозлар, инвентарлар, ўқув қўлланмалари ва ўйин майдонлари учун божхона тўловларидан;
  • фаолиятни бошлаган кундан бошлаб ўн йил муддат давомида давлат мақсадли жамғармаларига барча мажбурий тўловлар ва мажбурий ажратмаларни тўлашдан.

Шунингдек, 2018 йил 15 апрелдан ходимларининг ўртача йиллик сони 100 нафаргача бўлган боғчалар кичик тадбиркорлик субъектларига тоифасига киритилди.


Охирги ўзгариш вақти: 24/04/2018 10:46;   Кўрилганлиги: 1454
 
Материал манзили: http://samudo.uz/press/news/nodavlat-bogchalar-qurish-uchun-er-uchastkalari-tekinga-beriladi-prezident-qarori
Чоп этилган вақт: 26/10/2021 11:08
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг