Самарқанд вилояти
Мактабгача таълим бошқармаси
w w w . s a m u d o . u z

Боғчаларда каратэ тўгараклари очилади. Нурхон Нафасов ушбу спорт оммавийлигини ошириш учун кунига 24 соат ишлашга тайёр

#kun.uz//

30 июнь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Республика ҳудудида карате спортини ривожлантириш ва оммавийлигини ошириш борасида юртимиздаги мактабгача таълим муассасаларида каратэ тўгаракларини очиш бўйича қизғин муҳокамалар ўтказилди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар каратэ федерацияси раҳбарлари иштирок этишди. Уни Ўзбекистон карате Миллий федерацияси раиси Нурхон Нафасов ва Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Жанг санъати ва Шарқ яккакурашлари департаменти директори Сардор Тошхўжаев олиб боришди.

«Маълумки, бундан қандайдир 10 йил олдин ҳам спортнинг каратэ тури билан республикамизда 60 мингдан зиёд ёшлар мунтазам шуғулланиб келишарди. Бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич афсуски 10 минг нафарга тушиб кетган. Йиғилишда сўз олар экан Нурхон Нафасов барча ҳудудий федерациялар раҳбарларига қарата каратэнинг оммавийлигини ошириш учун керак бўлса 24 соатдан ишлаш лозимлиги, бунинг учун ишни энг қуйи бўғин - мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди», дейилади Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Йиғилиш давомида Андижон, Фарғона, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларида 15 кун ичида умумий юзга яқин бепул каратэ тўгаракларини очиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, Наманган, Сирдарё, Фарғона вилояти федерациялари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, ушбу федерациялар раҳбарларига қатъий ҳайфсан бериш, федерацияларга ёш ва ғайратли раҳбарлар тайинланиши масаласи ҳам кўрилган.

Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси каратэ федерациялари фаолияти ҳам танқид остига олинган ва мутасаддиларга 1 ой муддатда ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиш вазифаси берилган. Ўз навбатида Бухоро, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари каратэ федерациялари фаолияти қониқарли деб топилди ва қолган вилоят федерацияларига ибрат сифатида кўрсатилган.

«Терма жамоаларга иқтидорли спортчиларни саралаш, таркибда рақобатни кучайтириш, олдинда турган XVIII Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш каби масалалар юзасидан ҳам қизғин баҳс-мунозаралар ўтказилди», дейилади хабарда.


Охирги ўзгариш вақти: 02/07/2018 13:38;   Кўрилганлиги: 1796
 
Материал манзили: https://samudo.uz/press/news/bogchalarda-karate-togaraklari-ochiladi-nurxon-nafasov-ushbu-sport-ommaviyligini-oshirish-uchun-kuniga-24-soat-ishlashga-tayyor
Чоп этилган вақт: 09/12/2021 08:45
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг